Донецкда Қизил Хоч вакили ҳалок бўлди

Қизил Хочнинг Донецкдаги биноси.

Украинанинг Донецк шаҳрида Қизил Хоч маҳаллий биноси олдида бомба портлаши оқибатида мазкур халқаро ташкилот вакили ҳалок бўлди.

Бош қароргоҳи Женевада жойлашган Халқаро Қизил Хоч ташкилоти ҳалок бўлган одам Швейцариянинг 38 ёшли фуқароси Лоран Дюпаске эканини маълум қилди.

Ташкилот ўз баёнотида бўлиб ўтган воқеани қоралаб, “аҳоли яшайдиган туманларни ўққа тутиш халқаро гуманитар ҳуқуқнинг бузилиши” эканини таъкидлади.

Мазкур воқеа юзасидан Украина ҳукумат кучлари ҳамда россияпараст исёнчилар бир-бирларини айбламоқда.

1 октябрда ҳам Донецкда тинч аҳоли яшайдиган ҳудудларнинг ўққа тутилиши оқибатида камида 10 одам ҳалок бўлган эди.