Грознийдаги портлаш туфайли беш нафар полициячи ҳаётдан кўз юмди

Грознийдаги портлаш содир бўлган жой.

5 октябрь куни Чеченистон пойтахти Грозний шаҳрида содир этилган худкуш ҳужум чоғида беш нафар полициячи ҳалок бўлди.

Чеченистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, худкуш шахс шаҳар куни муносабати билан концерт ўтказиладиган жойда содир этган портлаш чоғида яна 12 киши тан жароҳати олган.

Россия ахборот агентликларининг хабар қилишича, Грознийдаги концерт залига кираверишда ўрнатилган металл детектор олдида полициячилар шубҳали ҳаракатларни амалга ошираётган ёш йигитни кўрганлар. Полициячилар унга яқинлашган пайтда йигит портлаш мосламасини ҳаракатга келтирган.

Маҳаллий расмийлар ҳужум чоғида ўзи ҳам ҳалок бўлган худкушнинг шахси аниқлангани, у 19 ёшли Опти Мударов эканини айтмоқдалар.

Чеченистоннинг Москвага содиқ лидери Рамзан Қодиров аввалроқ Грознийдаги ўзгаришлар билан мақтаниб, яқиндагина ҳаробазор бўлиб турган шаҳар яна гўзал суратда қад ростлаганини айтганди.