Исломий давлат Сурия-Туркия чегарасидаги шаҳарчани ишғол қилишга уринмоқда

Суриядаги курд ҳаракати матбуот вакили Солиҳ Муслим Муҳаммаднинг Озодлик радиосига маълум қилишича¸ Исломий давлат гуруҳи жанггарилари бугун Сурия-Туркия чегарасидаги Кобани шаҳарчасига ëриб киришга муваффақ бўлган.


- Кобанидаги вазият ўта оғир. Шаҳарнинг айрим маҳаллаларида жанглар бормоқда. Юзма-юз бўлаëтган бу тўқнашувлар ўта қонли ва қақшатқичдир¸ деди курд гуруҳи вакили.

Унга кўра¸ Исломий давлат истеҳкомларига қарши коалиция кучлари ҳаводан уюштираëтган ëрдам етарли эмас ва Кобанидаги курд гуруҳлари жиддийроқ ҳужумга муҳтож.

Айни шунингдек¸ БМТнинг Суриядаги элчиси Стеффан де Мистура ҳам халқаро ҳамжамиятни Исломий давлат ҳужумини қайтариш учун Кобанидаги курд гуруҳларига зудлик билан ëрдам беришга чақирди.

Айни пайтда¸ Туркия ҳукуматининг Кобанидаги курдларга ëрдам беришни рад этганига норозилик билдиришга чиққан туркиялик намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасидаги тўқнашувларда камида 14 одам нобуд бўлди.

Туркия Бош вазири Аҳмад Довутўғли билан телефон орқали гаплашган АҚШ Давлат котиби Жон Керри Анқара ҳукуматининг Исломий давлат жанггариларига қарши амалиëтга ўтмаëтгани хусусидаги саволларни муҳокама қилди.