Туркия ироқлик курдларни Кобанига олиб ўтишда кўмаклашади

Қўшма Штатлар “Исломий давлат” гуруҳининг Кобанидаги истеҳкомларига қарата 135дан ошиқ ҳаво ҳужумини уюштирган.

Туркия ҳукумати Суриянинг Кобани шаҳрида “Исломий давлат” гуруҳига қарши курашаётган маҳаллий курдларга ёрдам бериш учун ироқлик курд жангчиларини бу шаҳарга олиб ўтиш ҳаракатларига кўмаклашади.

Туркия Ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли Анқарнинг бу масалага доир сиёсати ўзгараётгани тўғрисида 20 октябрь куни эълон қилди.

Бу масала хусусида музокаралар давом этаётганини билдирган вазир, мухбирларга бошқа тафсилотларни очиқламади.

АҚШ Президенти Барак Обама 18 октябрь куни туркиялик ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан телефон орқали сўзлашиб, Кобанидаги вазиятни муҳокама қилди.

19 октябрь куни АҚШ ҳарбий самолётлари Кобанидаги курд жангчиларига ҳаводан қурол-аслаха ва бошқа турдаги ёрдам ортилган юкларни ташлади.

АҚШ ҳарбийлари баёнотига кўра, Қўшма Штатлар “Исломий давлат” гуруҳининг Кобанидаги истеҳкомларига қарата 135дан ошиқ ҳаво ҳужумини уюштирган. Кобанидаги курд жангчилари бир ойдан бери “Исломий давлат” ҳужумларига қарши шаҳарни мудофаа қилмоқда.