Эксперт: "Исломий давлат" сафларидаги марказий-осиёликлар ўз мамлакатлари учун муаммога айланди

Сурия ва Ироқда катта ҳудудларни эгаллаб олган “Исломий давлат” гуруҳи сафларида Марказий Осиё мамлакатларидан тўрт минггача жангари бор.

CA-News агентлигининг хабар қилишича, ўтган ҳафта Остонада ахборот хавфсизлиги мавзусида ўтган халқаро конференцияда иштирок этган канадалик эксперт Рафаил Рогозинский улар орасида Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон фуқаролари бор, дея таъкидлаган.

Рогозинский “Исломий давлат” гуруҳига аъзо бўлган марказий-осиёликлар ватанларига қайтиши бу мамлакатлар учун “катта муаммо”га айланишидан огоҳлантирди. “Марказий Осиёдан тўрт минг жангари катта рақамдир ва бу рақам ошишда давом этади”, дея таъкидлади эксперт.

Бундан аввал бошқа кузатувчилар ҳам Сурия ва Ироқдаги экстремистлар орасида минглаб марказий-осиёлик, жумладн 200дан 700 нафаргача ўзбекистонлик борлигини тахмин қилишган.

Айни пайтда, ўтган ойда АҚШ Марказий разведка бошқармаси “Исломий давлат” сафларида 10 мингдан ошиқ хорижлик жангари борлиги билдирган, лекин улар орасид марказий-осиёлик жиҳодчилар сони минг кишидан ошмайди, дея тахмин қилган эди.

Шу ой бошида Покистонда паноҳ топган Ўзбекистон Исломий ҳаракати “Исломий давлат” гуруҳини қўллаб-қувватлашини эълон қилган эди.