ЕИ Кремлдан "Мемориал" ташкилотини ёпмасликни сўради

Европарламент раҳбари Мартин Шульц Россия ҳукуматига мактуб йўллаб, "Мемориал" инсон ҳуқуқлари ташкилотини ёпмасликни сўради.

Россия матбуотига кўра, жаноб Шульцнинг бу илтимосини Европарламентдаги фракция раҳбарларининг барчаси қўллаб-қувватлаган.

Россия Олий суди 13 ноябрь куни Адлия вазирлигининг "Мемориал"ни ёпиш ҳақидаги талабини кўриб чиқади.

“Мемориал” раҳбарларидан бири Ян Рачинскийга кўра, Адлия вазирлигининг “Мемориал”нинг ташкилий тузилишига оид эътирозлари мавжуд эди ва ташкилот ўша эътирозларни суд орқали ҳал қилишга бесамар уринган. Эндиликда, Рачинскийга кўра, “Мемориал” ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун Конституциявий судга мурожаат қилмоқчи.

Россия Президенти Владимир Путин 4 июнь куни ҳорижий давлатлар томонидан молияланадиган нотижорат ташкилотларини “Чет эл агентлари” реестрига киритиш ваколатини Адлия вазирлигига берувчи қонунни имзолаган эди.

“Мемориал” ташкилоти Ўзбекистондаги сиёсий ва диний эътиқод эркинлиги аҳволини кузатиб келади, ташкилотнинг марказий осиёлик, шу жумладан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган махсус дастурлари мавжуд.