Бош вазир Стивен Ҳарпер: Канадани қўрқитиб бўлмайди

Канада Бош вазири Стивен Ҳарпер.

Канада Бош вазири Стивен Ҳарпер, кеча пойтахт Оттавада уюштирилган отишмада фахрий қоровулда турган аскар ўлдирилиши ортидан “Канадани қўрқитиб бўлмайди” ва у террорчиликка қарши курашни давом эттиради, дея баён қилди.

22 октябрь куни Оттавада отишмани бошлаган қуролли шахс парламент биноси ичида полиция томонидан отиб ўлдирилганидан кейин, хавфсизлик чоралари фавқулодда кучайтирилди.

Полиция потенциал гумонланувчиларни қидиришни давом эттирган бир пайтда Канада пойтахтида кўплаб муассасалар ёпиб қўйилди. Полиция расмийлари вазият “давомли” ва “таҳликали” бўлиб қолмоқда, дея билдирди.

Матбуотда пайдо бўлган хабарларга кўра, Канада полицияси отишмага алоқадорликда гумонланган Майкл Заҳаф-Бибу исмли Канада фуқаросини тергов қилмоқда.

Бу ҳодиса Канадада террорчилик хавфига доир огоҳлантирув даражаси оширилган пайтда рўй берди. Ундан аввал Квебек вилоятида машинада бўлган шахс бошқа бир аскарни уриб ўлдирган эди. Бу воқеада гумонланувчи яқинда Исломни қабул қилгани айтилмоқда.