Россия ўз ҳарбий самолёти Эстония чегарасини бузиб ўтганини рад қилмоқда

Россия ўз ҳарбий самолёти Эстония ҳаво ҳудудини бузиб ўтганига доир хабарларни инкор қилди.

Россия Мудофаа вазирлиги матбуот вакили Интерфакс агентлигига, учқич 21 октябрь куни ҳарбий машқлар доирасида Россиянинг Калининград экславидан кўтарилиб, “Болтиқ денгизи узра нейтрал ҳудуддан учиб ўтган”, дея таъкидлади.

Эстония ҳукумати 22 октябрь куни Россиянинг Таллиндаги элчисини чақиртириб, Ил-20 русумидаги ҳарбий самолёт ўз ҳаво ҳудудларини бузиб ўтгани юзасидан изоҳ талаб қилди.

НАТОнинг билдиришича, учқич дастлаб Дания сарҳадларига яқинлашган пайтда бу мамлакат ҳарбийлари жанговар учқичларини ҳавога кўтарган. Шундан кейин Россия самолёти Швеция томон қараб учиб кетган. Швеция ҳам реактив учқичларни кўтариши ортидан Ил-20 Эстония ҳаво ҳудудига кириб, бир дақиқадан кейин Португалия ҳарбий учқичлари уни чиқиб кетишга мажбурлаган.

Россия Украина бўҳрони боис таранглик юзага келганидан бери Европа узра бир неча марта давлат чегараларини бузганликда айбланган.