Ироқ ҳарбийлари ИД назоратидаги Журф ал-Саҳарни ишғол қилди

Ироқ ҳукумати ҳарбийлари ва маҳаллий курдларнинг Пешмерга кучлари мамлакатнинг шимолий ва марказий қисмларидаги Исломий Давлат (ИД) назоратидаги ҳудудларини жанглар билан тортиб олди.

Ироқ ҳарбийлари ва уларга иттифоқчи шиа кучлари Бағдод жанубидаги Журф ал-Саҳар шаҳри устидан назоратни бир ой давом этган жанглардан сўнг 25 октябрь куни ўрнатди.

Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Ободий маҳаллий ТВда қилган чиқиши чоғида ҳарбий ҳаракатлар туфайли Журф ал-Саҳарни ташлаб чиқишга мажбур бўлган аҳоли яқин вақт ичида ўз уйларига қайтишлари мумкинлиги тўғрисида гапирди.

Ироқ шимолида курд кучлари АҚШ Ҳаво кучлари ёрдамида ИД жанггариларини Зумар шаҳри ва унинг атрофидаги бир неча қишлоқдан суриб чиқарди.