"Исломий давлат" Ироқда ўнлаб суннийни қатл қилди

“Исломий давлат” жангарилари Ироқнинг Анбар вилоятида камида 30 нафар суннийни қатл қилгани ҳақида хабар қилинмоқда.

Маҳаллий расмийларнинг маълум қилишича, ҳодиса 29 октябрь куни Бағдоддан 140 киломтер ғарброқда жойлашган Ҳит шаҳарчасида рўй берган.

Анбар вилояти Кенгаши раиси Сабаҳ Корҳоут қатл қилинганлар Ал-Бу Нимр қавми вакиллари бўлганини билдирди. Бу қавм ҳукумат қўшинлари тарафида Анбар вилоятидан “Исломий давлат” гуруҳини сиқиб чиқариш ҳаракатларида иштирок этмоқда.

“Исломий давлат” қатл учун масъулиятни ўз зиммасига олганича йўқ, лекин бу гуруҳ жангарилари Ироқ ва Сурияда оммавий қатлларни амалга оширган. Улар одатда қурбонлар бошларини танасидан жудо қилиб, уларни жамоат жойларида кўргазмага қўйиб келади.