«Исломий давлат» жанггарилари 36 нафар суннийни қатл этди

«Исломий давлат» гуруҳи жанггарилари Ироқ ғарбидаги Анбар вилоятида суннийлар қабиласига мансуб 36 кишини қатл этди. Ал-Бунимер қабиласи оқсоқоли шайх Наим Гууд 3 ноябрь куни экстремистик гуруҳ аъзолари 29 эркак, тўрт аёл ва уч болани отиб ташлаганини маълум қилди.

«Исломий давлат» гуруҳи жанггарилари Ҳит шаҳрини эгаллаб олганидан кейин бу қабиладан бўлган кишилар қишлоқларга қочганди.

Ал-Бунимер қабиласи мансублари аввалроқ Ироқ ҳукумат кучлари билан биргаликда «Исломий давлат» жанггариларига қарши курашган. Ироқ расмийларига кўра, қабила вакилларидан бўлган 300 дан зиёд киши яқинда Рамадий шаҳри шимолида жанггарилар томонидан ўлдирилганди.

АҚШ бошчилигидаги коалиция ҳаводан зарбалар бераётганига қарамай, «Исломий давлат» жанггарилари сўнгги кунларда Анбар вилоятидаги қатор ҳудудларни ишғол қилишда давом этган.