Покистонда шаккокликда гумонланган икки насроний ўлдирилди

Покистонлик насроний ўз қавмдошларини ўлдиришни тўхтатишга чақирмоқда, Исломобод, 2014 йил сентябри.

Покистонда мусулмонлар оломони Қуръонни таҳқирлаганликда гумонланган икки насронийни калтаклаб ўлдириб, жасадини ёқиб юборган.

Покистон полицияси тарқатган маълумотга кўра, воқеа 4 ноябрь куни Лоҳурдан 60 километр нарида жойлашган Кот Радха Кишан шаҳрида бўлиб ўтган.

Бу Покистонда шаккокликда айбланган диний озчилик вакилларига нисбатан зўравонликнинг сўнгги намунаси бўлиб ҳисобланади.

Ғишт заводида ишлаган насронийларнинг эр-хотин бўлганлари, уларнинг исмлари Шаҳзод ва Шама эканигина маълум.

Панжоб ҳокими Шаҳбоз Шариф қотиллик тергови жараёнини тезлатиш учун уч аъзодан иборат қўмита тузган ва полицияга вилоятнинг насронийлар истиқомат қилувчи жойларида хавфсизлик чораларини кучайтириш ҳақида топшириқ берган.

Шаккоклик аҳолисининг аксарияти мусулмон бўлган бу мамлакатда ўта нозик масала бўлиб ҳисобланади. Бу жойда шаккоклик билан боғлиқ исботланмаган айбловлар ҳам оломон зўравонлигига сабаб бўлиши мумкин.