"Исломий давлат" гуруҳи етакчиси ал-Бағдодий жароҳатлангани хабар қилинмоқда

Абу Бакр ал-Бағдодий етакчилигидаги "Исломий давлат" гуруҳи Сурия ва Ироқда катта ҳудудларни эгаллаб олган.

9 ноябрь куни “Исломий давлат” жангари гуруҳи етакчиси жароҳатлангани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Associated Press агентлиги Ироқ ҳукуматининг икки расмийсига таяниб, Абу Бакр ал-Бағдодий мамлакат ғарбидаги Анбар вилоятида амалга оширилган ҳаво ҳужумида жароҳатланганини хабар қилмоқда. Агентлик Ироқ Ички ишлар вазирлигининг разведка бошқармаси мулозимига таяниб, ҳаво ҳужуми 8 ноябрь куни Қаим шаҳарчасида амалга оширилганини хабар қилджи. Разведка мулозими жангарилар ичидаги информатор бу ҳақда ҳукуматга билдирганини таъкидлаган.

Ироқ Мудофаа вазирлигидаги яна бир манба ҳам бу хабарни тасдиқлаб, Бағдодийнинг жароҳатлари қанчалик жиддийлиги ҳақида маълумотлар йўқлиги билдирган.

Пентагон расмийлари бундай ҳаво ҳужуми ёки ал-Бағдодийнинг жароҳатланганидан бехабар эканларини билдирди.

Айни пайтда, Ироқ қуролли кучлари 9 ноябрь куни “Исломий давлат” гуруҳи назоратида бўлган Байжи шаҳри марказигача ёриб кирганлари хабар қилинмоқда. Байжидаги Ироқнинг энг йирик нефтни қайта ишлаш заводи жанграрилар қўлида қолмоқда.