Ню Йоркнинг ғарбий қисмини 2 метрлик қор босди

Ню Йоркнинг ғарбий қисмидаги шаҳарларда ёққан кучли қор натижасида юзага келган хавфли вазият 14 кишининг ўлимига сабаб бўлди.

Шаҳарларда ҳаракат тамомила чекланди ва аксар ҳудудларда озиқ-овқат танқислиги пайдо бўлди.

АҚШ Миллий об-ҳаво хизмати 22 ноябрь оқшомида сўнгги 4 кун ичида камида 2 метр қалинликда қор йиғилиб қолган жойларда тошқин хавфи борлигидан огоҳлантирди.

Қор босган ҳудудда 600 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Улар орасида уйларидан чиқолмаётганлар бор. Маъмурият аҳолидан муттасил равишда эшиклари олдидаги қорни кураб туриш ва ертўлаларига егулик-ичгуликни жамлашни сўрамоқда.

Қор курашга кучи етмайдиган ва ёлғиз яшайдиган кексаларнинг уйлари босиб қолишидан ҳам хавотир бор.

Ню Йорк штатида бунақа қалин қор ёғиши ғайриодатий ҳол ва аҳоли ҳамда шаҳарлар инфраструктураси бундай оғир об-ҳаво шароитига мослашмаган.