Тунисда бугун президентлик сайлови бўлмоқда

Тунисда бугун 2011 йилда бўлган инқилобдан кейинги учинчи эркин сайловлар бўлмоқда ва аҳоли президент сайламоқда.

2011 йилда "араб баҳори"га туртки бўлган Тунис инқилоби чоғида авторитар режим ўрнатган раҳбар Зайн ал-Обидин бин Али қулатилган эди.

Мамлакат раҳбарлигига бугун бораётган сайловда 27 номзод курашмоқда. Ғалабага яқин номзод сифатида собиқ бош вазир, "Нидаа Тунис" партияси етакчиси, 87 яшар Қоид Ассабсий ҳамда амалдаги президент Мунсиф Мазрукийлар кўрилмоқда.

Агар номзодлардан бирортаси 50 фоиздан ортиқ овоз йиғолмаса, у ҳолда 31 декабрь куни сайловнинг иккинчи босқичи ўтказилади. Сайловда иштирок этиш учун 5 миллион 300 мингга яқин одам рўйхатга олинган.

Октябрь ойида Тунисда умумхалқ сайловлари ўтказилган ва унда "Нидаа Тунис" партияси парламентдаги кўпчилик ўринни эгаллаган эди. 2011 йилги сайловларда ғалаба қозонган "Нахда" исломий партияси эса мағлубиятини тан олган.