Теҳрон билан 6+1 ўртасидаги Вена учрашувида муросага эришилмаслиги мумкин

Хабарларга кўра, томонлар Эрон ядровий дастури кўлами бўйича келиша олмаётир.

Эрон ва дунёнинг олти қудратли давлати ўртасида Теҳрон ядровий дастури борасида Венада ўтказилаётган музокаралар бугун якунига етади. Расмийлар бугун тугайдиган муҳлат ичида келишувга эришиш эҳтимоли йироқ демоқда.

Теҳроннинг ядровий қуролни ясай олмаслигини кафолатловчи келишувга эришиш учун 24 ноябрга қадар муҳлат белгиланган эди. Муросага эришиш эвазига Эрон ўзига нисбатан АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан жорий қилинган санкцияларнинг бекор қилинишини истамоқда.

Хабарларга кўра, ўртада сақланиб қолаётган келишмовчиликлар Эрон ядровий қуролни қўлга кирита олмаслигини кафолатловчи уранни бойитиш дастури кўламини белгилаб олишдан иборатдир.

АҚШ расмийларининг билдиришича, давлат котиби Жон Керри 23 ноябрь куни Эрон Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зарифга якуний келишувга эришиш муҳлатини узайтириш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилган.

Эрон расмийлари ҳам муҳлатни узайтириш масаласи “кун тартибида” қолаётганини маълум қилди. Айни пайтда, Эрон дипломатлари, агар музокаралар натижасиз якунланадиган тақдирда, Теҳрон иқтисодий ва дипломатик ёрдам сўраб, Москва билан Пекинга юзланиши мумкинлигини билдирмоқда.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 23 ноябрь куни Венага етиб келиб, Зариф билан музокара бошлади. 24 ноябрь куни Хитой Ташқи ишлар вазири Ванг Йи ҳам Венага келиши кутилмоқда.

Британия Ташқи ишлар вазири Филип Ҳаммонд “бу масалани ҳриф томонга етказиш учун” 24 ноябрь кунги музокараларда “қаттиқ ҳаракат” қилинади, дея таъкидлади.