Freedom House: Гулнора Каримова жанжали МХХнинг Интернет устидан назорартни кучайтиришига сабаб бўлди

Гулнора Каримованинг Twitterдан фаол фойдалангани МХХ назоарти кучайишига сабаб бўлди, дея қайд этди Freedom House.

Freedom House ташкилотининг пайшанба куни эълон қилинган йиллик ҳисоботида Ўзбекистон президентининг қизи атрофидаги жанжал мамлакат хавфсизлик идорасининг ижтимоий тармоқлар устидан назорати кучайишига олиб келгани айтилади.

4 декабрь куни очиқланган ҳисоботга илов қилинган рейтингда Ўзбекистон 79 ўринни эгаллаб, “эркин бўлмаган” мамлакатлар қаторида қолди.

Ҳисобот муаллифларига кўра, ўзбек интернет-фойдаланувчилари учун ҳуқуқий муҳит “Марказий Осиёда энг чекланган” бўлиб қолмоқда.

Ҳужжатда келтирилишича, 2014 йил декабрда парламент сайловлари, 2015 йил президент сайлови даврида Интернет устидан назоратнинг, айниқса, кучайтирилишини кутиш мумкин. 2013 йилнинг кузидаёқ, президент қизи Гулнора Каримова атрофидаги сиёсий вазиятнинг беқарорлиги ва унинг Twitter тармоғидан фаол фойдалангани Миллий хавфсизлик хизмати тарафидан ижтимоий тармоқлар устидан назорат кучайтирилишига олиб келганини, қайд этади Freedom House.

Гулнора Каримова Twitter орқали ўз оиласи ва ҳукумат мулозимларига доир иддаоларни эълон қилиши ортидан шу йилнинг бошроғида уй қамоғига олингани айтилади.

Навбатдаги ҳисоботда Ўзбекистон ҳукумати мустақил матбуот воситаларига доир қатор веб-саҳифалар, жумладан Озодлик, Би-Би-Си, Америка Овози каби агентликларнинг Интернет сайтларига бир неча йилдан бери тўсиқ қўйиб келаётганини қайд этади.