Украинада бир йил ичида Лениннинг 500 дан зиёд ҳайкали олиб ташланди

Украинадаги "Ленин қулатиш" тадбирларидан бири, Харьков, 2014 йилнинг 29 сентябри.

Украинада бир йил мобайнида Лениннинг 504 та ҳайкали олиб ташланди. Бу ҳақда Украина Миллат хотираси институти томонидан душанба куни тарқатилган хабарномада айтилади.

“Украина Миллат хотираси институти ҳисоб-китобига кўра, бугунги кунда Украинада Лениннинг яна 1700 дан зиёд ҳайкали ўз ўрнида турибди”, дейилади хабарномада.

Институт масъуллари 8 декабрь куни Киев марказидаги Ленин ҳайкали ағдарилганига роппа-роса бир йил тўлганини эслатганлар.

Шундан сўнг бутун мамлакат бўйлаб оммавий равишда “Ленин қулатиш” ҳаракати бошланиб кетган. Ленин ҳайкаллари Запорожье, Донецк, Луганск ва Симферополдан ташқари барча вилоят марказларидан олиб ташланган.

Украина Миллат хотираси институти ходими Павел Подобеднинг айтишича, Совет Иттифоқи эндигина қулаган пайтларда Украинада Леннинг 5500 дан ортиқ ҳайкал қад ростлаб турган. Ҳозир эса улар сони 3800 тага камайган.