Россия ядровий ракеталарга доир битим бузилаётгани тўғрисидаги АҚШ айбловларига эътироз билдирди

Россия ҳукумати Москва Қўшма Штатлар билан имзолаган ядровий келишув шартларини бузаётганига доир Вашингтонда янграган айбловларга ғазаб билан жавоб берди. Москва Ўрта масофали ядровий қуролларга доир битим борасида “Америка диктатига” бўйсинмайди, дея баён қилди Россия ҳукумати.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг 12 декабрь кунги баёнотида шунингдек, Вашингтон Россия билан муносабатларида “қарама-қаршилик мантиқига” амал қилмоқда, дейилади.

10 декабрь куни АҚШнинг Қурол назорати ва халқаро хавфсизлик масалалари бўйича вазири ўринбосари Роуз Готтемоллер Россия битим шартларига амал қилмаётганини билдирган эди.

АҚШ Муфдофаа вазирининг сиёсат масалалари бўйича биринчи ўринбосари Брайан МакКеон Вашингтон битим бузилаётганига аксил чора жорий қилиш масаласини кўриб чиқаётганини баён қилди.

1987 йилда имзоланган битимга кўра, ердан учириладиган ва учиш масофаси 500 километрдан 5.500 километргачани ташкил қилувчи баллистик ракеталарни тақиқлайди.