БМТ Шимолий Корея ишини Ҳаага судига топширишни тавсия қилди

Шимолий Кореяни 1948 йилдан бери бошқариб келаётган Ким сулоласининг учинчи вакили Ким Чен Ун.

БМТ Бош Ассамблеяси 18 декабрь куни Хавфсизлик кенгашига Шимолий Корея раҳбариятини Ҳаага халқаро жиноят судига тортиш тавсия қилинган резолюцияни қабул қилди.

Мазкур резолюция тавсия характерига эга бўлиб, уни БМТдаги 116 давлат вакили қўллади, 20 давлат қарши чиқди ва 53 давлат бетараф қолди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг Бош Ассамблеяси 18 ноябрь куни Корея Халқ Демократик Республикаси олий раҳбариятини халқаро жиноий судловга тортиш бўйича жараённи бошлаш тўғрисидаги таклифни қўллаб-қувватлаган эди.

Шимолий Корея раҳбарлари инсон ҳуқуқларини қўпол тарзда бузганликда айбланмоқда. Резолюция матни БМТга Япония томонидан таклиф қилинган.

БМТ маълумотларига қараганда, Шимолий Кореяда ҳукумат томонидан одамларни қийноққа солиш, озиқ-овқатдан маҳрум қилиш, мажбурий абортлар, мажбурий меҳнатга жалб қилиш ва оммавий қатлиомлар одатий ҳолатга айланган. БМТ ҳисоботида айтилишича, Шимолий Кореяда 80 мингдан 120 минггача сиёсий маҳбус бор.