Россия прокуратураси Алексей Навальнийга 10 йил қамоқ жазоси берилишини сўради

Алексей Навальний укаси Олег билан суд залида. 19 декабрь, 2014 йил.

Россия прокуратураси мухолифат етакчиси Алексей Навальнийга 10 йил қамоқ жазоси берилишини сўради. Президент Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси бўлган Навальний ўзи ва укаси Олегга қўйилаётган айбловларни Кремльнинг мухолифат овозини ўчириш ҳаракати, дея баҳоламоқда. Алексей ва Олег Навальнийлар қаллоблик йўли билан Франциянинг Yves Rocher косметика фирмасидан 27 миллион рубль (450 минг АҚШ доллари) миқдоридаги пулни ўзлаштирганлик ва пул ювганликда айбланмоқда.

Прокуратура вакиллари 19 декабрь куни судда қилган чиқишида судланувчиларнинг айби исботлангани ва Алексей Навальнийга 10 йил, укаси Олегга эса 8 йил қамоқ жазоси берилишини сўради.

Навальний коррупцияга қарши курашчи ва 2011-2012 йиллардаги аксилҳукумат намойишлар ташкилотчиси сифатида танилган.

У ҳозирда бошқа айблов бўйича беш йиллик шартли қамоқ жазосини ўтамоқда ва уй қамоғига олинган. Навальний ўзига қўйилган барча айбловлар сиёсий мотивларга асосланганини айтиб келади.