АҚШ конгрессмени Боку бюросидаги рейдлар юзасидан чуқур ташвиш билдирди

Конгрессмен Элиот Энгель.

АҚШ Конгресси Намоёндалар палатасидаги етакчи демократлардан бири Элиот Энгель Озодликнинг Боку бюросида ўтган ҳафта ўтказилган рейдлар ва журналистларнинг сўроқ қилиниши юзасидан чуқур ташвиш изҳор қилди.

30 декабрдаги баёнотида Энгель Озарбайжон расмийларини Озодлик журналистларининг таъқиб этилишига чек қўйиш ҳамда бюронинг қайта иш бошлаши учун имкон яратишга чақирган.

26 декабрь куни Бокуда прокуратура вакиллари Озодликнинг маҳаллий бюросида тинтув ўтказиб, ҳужжатлар, компьютерларнинг қаттиқ дисклари ва бошқа ашёларни мусодара қилганди.

27 ва 28 декабрь кунлари Озодликнинг бир неча журналисти сўроққа чақирилиб, терговга оид маълумотларни ошкор қилмаслик тўғрисидаги тилхатга имзо чектирилганидан кейин қўйиб юборилган.

Шундан сўнг радио журналистлари пайдарпай сўроққа чақириб турилибди.

Маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари фаоллари Озарбайжон расмийлари сўнгги бир неча ой мобайнида ноҳукумат ташкилотлари ва мустақил оммавий ахборот воситаларини овозини ўчиришга уринаётганликда айблаб келади.