Гуантанамодан озод қилинган 5 маҳбус Қозоғистонда яшайди

АҚШ ҳарбийлари Гуантанамо қамоқхонасида сақланаётган 5 маҳбусни истиқомат қилиш учун Қозоғистонга жўнатди. 3 яманлик ва 2 тунислик бу 5 маҳбус 10 йилдан ортиқ Гуантанамода сақланган.

Улар Ал-Қайдага алоқадорликда гумон қилиниб, Покистон ҳудудида қўлга олинган. 30 декабрь куни тарқатилган баёнотда Пентагон маъмурияти бу шахсларга оид ҳужжатлар АҚШнинг бир неча агентликлари томонидан текширилгач, бир овоздан уларни қамоқдан чиқариш мумкинлигига қарор берилгани айтилган.

Бу маҳбуслар бирор жиноят содир этмагани аниқланган, аммо АҚШ хафсизлиги нуқтаи назаридан ўз юртига юборилиши мумкин эмас, дея қарор берилган ўнлаб маҳбусдан бир нечасидир.

Пентагон маъмуриятининг маълум қилишича, ҳозир қамоқхонадаги жами маҳбуслар сони 127 кишига тушган.

Қозоғистон ҳукумати исломий экстремизмга қарши халқаро миқёсдаги курашда фаол иштирок этмоқда ва Гуантанамо қамоқхонаси маҳбусларидан 5 нафарини қабул қилгани бунга яна бир далил сифатида баҳоланди.