Ҳасан Руҳоний Эрон учун иқтисодий ислоҳотлар зарурлигини урғулади

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ўз мамлакати халқаро изоляцияда қолар экан, барқарор иқтисодий ўсишга соҳиб бўлолмайди, деган фикрда.

4 январь кунги телемурожаатида Ҳасан Руҳоний Эронни халқаро изоляциядан халос қилиш учун давлатнинг иқтисодиётга аралашувини камайтириш лозимлигини таъкидлади.

Эрон президентига кўра, ҳукумат монополиясига чек қўйилмагунича иқтисодиётда муваффақиятга эришиб бўлмайди. Руҳоний мамлакат иқтисодиёти рақобат асосида ривожланиши ва шаффофроқ бўлиши лозимлигини урғулади.

Ғарб ахборот агентликларининг қайд этишича, Руҳонийнинг бу чиқишини ўз салафи Маҳмуд Аҳмадийнажотнинг иқтисодий сиёсатини қўллаган ҳамда Эрон Исломий инқилоб посбонлари корпуси манфаатларини ҳимоя қилган консерватор сиёсатчиларга қаратилган танқид сифатида баҳолаш мумкин.

Эрон ўз ядровий дастури бўйича жаҳондаги етакчи давлатлар билан музокараларни давом эттирмоқда. Аввалроқ Теҳронни ядро қуроли яратишга уринишда гумонлаган Ғарб унга нисбатан иқтисодий санкциялар жорий қилганди. Ўз ядровий дастури тинч мақсадларни кўзлашини даъво қилган Теҳрон Ғарб давлатлари иддаоларини рад қилиб келади.