Украина расмийлари мамлакат шарқида вазият янада мураккаблашганидан баҳс этмоқда

Украина расмийлари мамлакат шарқида вазият “сезиларли даражада мураккаблашгани”ни айтмоқда.

УНИАН ахборот агентлигининг Айирмачиларга қарши амалиётлар матбуот маркази маълумотига таянган ҳолда хабар қилишича, якшанба куни айирмачилар Киев кучлари позициячиларини 20 мартадан кўпроқ ўққа тутганлар.

Айни пайтда “Донецк халқ республикаси”дан бўлган айирмачилар ҳам кеча ўз позициялари 20 мартадан кўп ўққа тутилганини билдирдилар.

Украина шарқида вазиятнинг тобора таранглашаётгани минтақада тинчлик ўрнатиш ишини қийинлаштириши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Бу орада Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти шу ой охиригача Украина шарқидаги ўз кузатувчилари сонини икки баробар оширишни режалаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда ЕХҲТ мулозими Майкл Боцюркив 4 январь куни DPA агентлигига маълум қилган.

Боцюркив ЕХҲТ қарорини Украина шарқида вазият барқарорлашгани билан изоҳлаган. Айни пайтда, ЕХҲТ мулозимига кўра, мазкур ҳудудда оташкесим келишуви қарийб ҳар куни бузилаяпти, шунингдек, оғир аслаҳаларни олиб чиқиб кетиш бўйича сентябрь ойида Минскда эришилган келишув бажарилмаяпти.

Ҳозир Украина шарқида ЕХҲТнинг 250 нафар кузатувчиси иш олиб бораяпти. Январь ойи охирига қадар бу кузатувчилар сонини 500 нафарга етказиш кўзда тутилган.