Туркманистонда янги йилдан бензин қимматлади

Туркманистонда янги йилдан бошлаб бензин нархи 60 фоизга ошди. Бу ҳақда “Хроника Туркменистана” нашри хабар қилади.

Маълумотларга кўра, 2015 йилгача АИ 95 бензинининг бир литри 62 туркман тангасидан (22 цент) сотиларди, 1 январдан эса 1 манатдан (35 цент) сотилмоқда. Шу кунда Туркманистонда 1 АҚШ долларининг қиймати 2,84 манатга тенг.

Авваллари Туркманистонда автомашина эгалари давлатдан ойига 120 литр текин бензин оларди. 2014 йил июль ойидан президент Қурбонқули Бердимуҳаммедов қарори билан автомашина эгаларига бензинни текинга бериш тўхтатилган.

Туркманистонда бензин 60 фоизга ошганига қарамай, унинг нархи собиқ совет ўлкалари орасида ҳамон энг арзонлигича қолмоқда.