Қозоғистон полицияси "Миранда қоида"си асосида ишлайдиган бўлди

Қозоғистон полициясига бундан буён гумон қилинган шахсларни қўлга олиш чоғида уларга қонуний ҳақ-ҳуқуларини эслатиш мажбурияти юкланди.

Халқаро майдонда "Миранда қоидаси" номини олган бу амалиёт Қозоғистонда 5 январь куни янги таҳрирда эълон қилинган Жиноят-процессуал кодексида қайд этилди.

"Миранда огоҳлантируви" матнида бирор жиноятда гумон қилинаётган шахснинг адвокат ёллаш, сукут сақлаш ҳуқуқи ва айтган ҳар бир гапи унга қарши айбловда қўлланиши мумкинлиги эслатилади.

Остона шаҳрида журналистлар саволларига жавоб берган расмий Амирхон Аманбоевга кўра, янги таҳрирдаги кодексдан жиноятига иқрор бўлган ва жиноятни фош этишда прокурорга кўмаклашган шахсларнинг жазосини енгиллатиш тўғрисидаги ўзгартишлар ҳам ўрин олган.

Қозоғистон Марказий Осиёнинг "Миранда қоидаси"ни қонунда муҳрлаган илк давлати бўлди.