“Charlie Hebdo” журналига ҳужум қилганликда гумонланганлардан бири полицияга таслим бўлди

Париждаги “Charlie Hebdo” сатирик журнали идорасига ҳужум қилганликда гумонланиб қидирилаётган 18 ёшли Ҳамид Мурод полицияга таслим бўлди. Франция полицияси ҳужумда гумонланган ака-ука Шариф ва Саид Куачиларни қидиришда давом этмоқда.

Ҳамид Мурод полицияга таслим бўлгани ҳақида 8 январь куни эрталаб France-Presse ахборот агентлиги хабар тарқатди. У қай тарзда ва қаерда, қандай ҳолатда таслим бўлгани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Франция полицияси аввалроқ Муҳаммад пайғамбарга карикатура эълон қилган журналга 7 январь куни ҳужум қилган уч шахс аниқлаганини ҳамда ҳужумда қатнашган 34 ёшли Шариф Куачи ва 32 ёшли Саид Куачи, 18 ёшли Ҳамид Мурод қидирилаётганини маълум қилган эди. Улар келиб чиқиши Шимолий Африкадан ёки Яқин Шарқдан бўлган француз фуқаролари экани айтилмоқда.

Айни пайтда Франция ва Европанинг бошқа шаҳарларида ўн минглаб одамлар журналистларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қўлларига қалам ушлаб намойишлар ўткизмоқда.

Парижда Муҳаммад Пайғамбар карикатуралари билан танилган Charlie Hebdo сатирик журнали идорасига қилинган ҳужумда 12 киши ҳалок бўлди.