Покистонда Charlie Hebdo ҳужумини уюштирганлар улуғланди

Покистоннинг шимоли-ғарбий қисмида ўнлаб одам Charlie Hebdo журналига ҳужум уюштирганларни улуғлаб, норозилик намойишига чиқди.

AFP ахборот агентлиги хабарига кўра,13 январь куни Пешовар шаҳридаги дин пешволаридан бири 60 га яқин мусулмонни бошлаб намойишга чиққан ва 7 январь куни Париждаги сатирик журналга ҳужум қилиб, 12 кишини ўлдирган 34 ёшли Шариф ва 32 ёшли Саид Қуайшийлар улуғловчи плакатлар билан кўча юриши ўтказган.

Айни пайтда Charlie Hebdo таҳририяти қонли террор ҳужумидан кейинги илк сонида яна Муҳаммад пайғамбар карикатурасини босишга ҳозирлик кўрмоқда. 14 январь куни сотувга чиқадиган сатирик журнали муқовасида берилажак сурат душанба оқшом Интернетда эълон қилинди.

Суратда Ислом пайғамбари, дея акс эттирилган афтода ҳолдаги кимсанинг кўзда ёш билан, қўлида "Мен Шарлиман!" деб ёзилган эълонни тутган ҳолда акс эттирилган.

Журналнинг бу сони одатдаги 60 минг нусха ўрнига 3 миллион нусхада, турли тилларда чоп этилиши кутилмоқда.