Дунё мусулмонлари Charlie Hebdo'га қарши намойишлар ўтказмоқда

Дунёнинг бир қатор давлатларида Франциянинг Charlie Hebdo журналида яна Муҳаммад пайғамбар карикатураси босилганига қарши норозилик намойишлари ўтказилди.

Карачида Покистон полицияси асосан талаблардан иборат бўлган 200 намойишчини тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ қўллади. Франция консулхонаси олдида ўтган намойишни тарқатиш пайтида камда уч киши, жумладан, Франс пресс агентлиги мухбири қаттиқ жароҳат олгани айтилмоқда.

Иорданияда Франция элчихонаси томонга юриш қилган намойишчилар ҳам полиция билан тўқнашди. Бу каби намойишлар Жазоир, Сурия, Хиндистон, Филлиппин ва Исроилда бўлиб ўтди. Исроилнинг Қуддус шаҳридаги намойиш фаластинликлар томонидан уюштирилган.

Муҳаммад пайғамбар карикатураларини эълон қилган Charlie Hebdo журналига 7 январь куни террорчилар томонидан қилинган ҳужумда 12 одам ҳалок бўлган эди.

Журналинниг 14 январь куни сотувга чиқарилган янги сонида Муҳаммад пайғамбар қўлида “Мен Шарли” деган ёзув билан кўзидан ёш тўкиб турган ҳолатда акс эттирилган.