Нигердаги тартибсизликлар чоғида уч киши ҳалок бўлди

Ниамейдаги намойишчилар, 2015 йилнинг 17 январи.

Африка қитъасидаги Нигер давлатида Charlie Hebdo журналида босилган Муҳаммад алайҳиссалом карикатурасига қарши мусулмонларнинг намойиши бўлиб ўтди. Норозилик акцияси чоғида Нигер пойтахтидаги насронийларнинг камида еттита черковига ўт қўйилди, уч киши нобуд бўлди.

Маҳаллий полиция маълумотларига кўра, икки киши черковда тириклайин ёниб кетган, яна бир аёл барда ҳалок бўлган.

Ғазабланган оломон эгаси франциялик дея гумон қилинган қаҳвахона, меҳмонхона ва бошқа муассасаларни нишонга олган.

Полиция пойтахт Ниамейдаги масжид олдига йиғилган ва темир таёқлар билан қуролланган мингга яқин ёшни тарқатиш учун кўздан ёш сиздирувчи газ қўллаган.

Кеча бутун дунё бўйлаб минглаб мусулмон Франциянинг Charlie Hebdo журналида чоп қилинган Муҳаммад пайғамбарни масхара қилувчи тасвирларни қоралаб кўчаларга чиқди. Бу каби норозилик чиқишлари Покистоннинг Карачи, Иорданиянинг Уммон шаҳарларида авж олди. Шунингдек, бу каби чиқишлар Жазоир, Сурия, Ҳиндистон ва Филиппин каби давлатларда ҳам кузатилди.