Сурияда ҳарбий-транспорт самолёти қулади

Сурия шимолий-ғарбида якшанбага ўтар кечаси ҳарбий-транспорт учқичи қулаб тушган.

Сурия давлат телевидениеси авиаҳалокат натижасида учқич бортида бўлганларнинг ҳаммаси ҳалок бўлганини хабар қилди, бироқ ўлганлар сонини очиқламади. Қароргоҳи Британияда бўлган Сурия инсон ҳуқуқлари маркази самолёт қулаши оқибатида 35 киши ҳалок бўлганини маълум қилди.

Ҳар иккала манба ҳам учқич Идлиб аэропортига қўниш чоғида қуюқ туман туфайли электр симларига тегиб ўтгани учун ҳалокатга учраганини қайд қилган.

“Ал-Қоида”нинг Суриядаги қаноти Твиттерда самолёт уриб туширилгани ҳақида маълумот тарқатган.