Курд кучлари Ироқ шимолида Исломий Давлатдан муҳим йўлни тортиб олди

Ироқ шимолида курд кучлари Исломий Давлат жангариларига қарши йирик ҳуружни бошлашди. Хабарларга кўра, Пешмерга жангчилари беш томондан ҳужумни бошлаб, Мосулдан 40 километр ғарброқдаги Киске шаҳрида муҳим чоррахани ўз назоратига олган.

АҚШ етакчилигидаги Исломий давлатга қарши коалиция курдларнинг 21 январь кунги ҳарбий амалиётини ҳаводан қўллаб-қувватлаб турди.

Курд кучлари янги ҳудудларни эгаллаб олгани Исломий Давлат истеҳкомлари ҳисобланган Мосул билан Тал Афар шаҳарларини бирлаштирувчи йўлни узиб қўйади.

Таҳлилчиларнинг айтишича, курдлар назоратга олинган йўлни ушлаб қололса, Мосул шаҳри Исломий Давлат назоратидаги Тал Афар ва шарқий Суриядаги ҳудудлардан узилиб қолади.