Арманистон ва Озарбайжон чегарадаги отишмада бири-бирини айблади

Арманистон-Озарбайжон чегараси.

Арманистон Мудофаа вазирлиги 23 январь куни Озарбайжон чегарачилари отган ўқдан икки арман аскари ҳалок бўлганини билдирди.

Арманистон расмийларининг билдиришича, чегарада содир этилган отишмада Озарбайжон ҳарбийлари ҳам ҳалок бўлган.

Бироқ Озарбайжон ўзи томонида йўқотишлар бўлмаганини маълум қилди ва чегарадаги отишмада Арманистонни айблади.

Озарбайжон ва Арманистон Тоғли Қорабоғ ҳудудини талашиб, шу кунгача бир-бири билан уруш ҳолатида яшаб келади. Ўқ отишни тўхтатиш шартномаси икки давлат томонидан 1994 йилда имзоланган, аммо шунга қарамай Тоғли Қорабоғ муаммоси дипломатик йўл билан ҳал этилмай қолаётир.