Украинада Мариуполь қурбонлари хотирасига мотам эълон қилинди

Украинада Мариуполда 30 одамнинг ўлими, 90дан ортиқ кишининг жароҳатланишига сабаб бўлган ракета ҳужумларидан сўнг 25 январь - миллий мотам куни, деб эълон қилинди.

Мамлакат бўйлаб байроқлар туширилди ва барча ташкилотларда қоқ тушда қурбонлар хотирасига бир дақиқалик сукут сақланди.

Президент Порошенко мамлакат бўйлаб 25 январь кунига белгиланган спорт ва маданий тадбирларни тўхтатишга буйруқ берди.

Украина Мудофаа вазирлиги берган баёнотга кўра, 24 январь куни Мариуполь шаҳри сепаратчи гуруҳлар томонидан уч тарафдан ўққа тутилган. Ҳужум чоғида Град русумидаги ракеталардан фойдаланилгани айтилмоқда.

Буни инкор қилган сепаратчи гуруҳлар Мариуополга ҳужум ортида Киев қўшинлари турибди, деб даъво қилмоқда. ЕХҲТ ташкилоти кузатувчилари эса ракеталар сепаратчилар эгаллаган ҳудудлардан отилганини айтмоқда.

Ҳодисага муносабат билдирган АҚШ Давлат котиби Жон Керри буни Россиянинг россияпараст сепаратчиларни замонавий қуроллар билан таъминлашдек “масъулиятсиз ҳамда хавфли қарори” оқибати, деб қоралади.