Германия афғонистонликларга $1,1 млн товон пули тўлаб берди

Германия Афғонистонга 2002 йил бошидан 2014 йил августигача ўтказилган ҳарбий кампания чоғида етказилмиш зарар учун товон пули сифатида 1 миллион 100 минг доллар тўлади.

DPA агентлигининг хабар қилишича, бу маблағнинг ярмидан кўпроғи 2009 йил сентябрь ойида Қундуз вилоятида ёнилғи қуйилган икки автоцистернанинг ўққа тутилиши чоғида етказилган зарар учун тўланган. Ўшанда юздан ортиқ одам ҳалок бўлганди. Германия бу ерда ҳалок бўлганларнинг ҳар бири учун уларнинг яқинларига 5 минг доллардан тўлаган.

500 минг доллардан кўпроқ бўлган пул эса ҳарбий кампания чоғида чорва ҳайвонлари нобуд бўлган ва уй-жойи шикастланган афғонистонликларга тақсимлаб берилган.

Германия Мудофаа вазирлиги бу пулларни мазкур масала немис депутатларидан бирининг сўровига кўра мамлакат парламентида кўриб чиқилганидан кейин махсус рўйхат асосида тарқатиб берган.