Мисрдаги тартибсизликлар чоғида камида 15 киши ҳалок бўлди

Якшанба куни Миср пойтахти Қоҳирада ва Александрия шаҳрида намойишчиларнинг полиция билан тўқнашуви оқибатида камида 15 киши нобуд бўлди. Тартибсизликка айланиб кетган намойишлар 2011 йилги халқ исёнининг тўрт йиллиги муносабати билан уюштирилганди.

Асосий тўқнашувлар Қоҳирадан шарқроқда жойлашган қишлоқларда – Миср расмийлари томонидан тақиқланмиш “Мусулмон биродарлар” исломий ҳаракатининг мавқеи юқори бўлган жойларда кечган.

Қоҳира марказида полиция 4 йил муқаддам президент Ҳусни Муборакка қарши халқ исёни ўчоғи бўлган Таҳрир майдонига кетаётган юзлаб намойишчига аёвсиз куч қўллаб, тарқатиб юборган.

Миср расмийлари халқ исёнининг тўрт йиллиги муносабати билан ўтказилажак барча тадбирларни бекор қилган. Бутун мамлакат бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилган.