Барак Обама: Россияга қарши чораларни кучайтириш масаласи кўриб чиқилмоқда

АҚШ Президенти Барак Обама шарқий Украинадаги россияпараст айирмачилар ўтган ҳафта охирида янги ҳуруж бошлаши ортидан Вашингтон Россияга нисбатан, ҳарбий ҳаракатдан бошқа, барча чораларни кўриб чиқмоқда, дея билдирди.

Обама бу ҳақда 25 январь куни Деҳлида қилган чиқишида гапирди. Бир кун аввал Донецк вилоятининг Мариуполь порт шаҳрида, исёнчилар масъул, деб кўрилаётган ракета ҳужуми оқибатида камида 30 одам ҳалок бўлди ва ўнлаб одам жароҳатланди.

“Бу масалани ҳал қилиш учун, ҳарбий қарама-қаршиликдан ташқари ихтиёримиздаги барча чораларни кўриб чиқамиз”, дея таъкидлади Обама. Бунда, деди АҚШ раҳбари, “халқаро ҳамкорлар, хусусан европалик ҳамкорларимиз билан маслаҳатлашувларни давом эттирамиз".

Европа Иттифоқи 29 январь куни Украина шарқидаги вазиятни муҳокама қилиш учун фавқулодда йиғин ўтказишини маълум қилди.

Айни пайтда, Германия Ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер Россия шарқий Украинадаги айирмачиларга аниқ буйруқ бериши керак, дея баён қилди. Немис дипломати россияпараст айирмачиларни Мариуполь порт шаҳрини ишғол қилишга уринмасликдан огоҳлантирди.

Штайнмайер сентябрь ойида Минскда имзоланган сулҳ битими шартларини бажариш муҳлати тугамоқда, дея огоҳлантирди.

Қўшма Штатлар ва ЕИ ўтган март ойида Украинанинг Қрим минтақасини аннекисия қилгани ҳамда Донецк ва Луганск вилоятларидаги россияпараст айирмачиларни қўллаб-қувватлаётгани учун санкциялар жорий қилган.

Ўтган ҳафта охирида Донецкдаги айирмачилар етакчиси бутун вилоятни ишғол қилиш ниятларини эълон қилиши ортидан Мариуполь шаҳри ракета ҳужумига учради.

Ўтган йилнинг апрелидан бери Украина шарқидаги можарода 5000 одам ҳалок бўлди.