Британия Россия бомбардимончи учоқлари Ла Маншни кесиб ўтганидан ташвиш билдирди

Британия ҳукумати Россиянинг иккита Ту-95 бомбардимончи самолёти Ла Манш бўғозини кесиб ўтиб, йўловчи ташувчи учоқлар хавфсизлигига таҳдид солгани ҳақида баёнот берди.

Мазкур воқеа юзасидан Россиянинг Лондондаги элчиси Британия Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган.

Бомбардимончи самолётлар ҳаракати туфайли Британия ўз йўловчи учоқларининг йўналишини ўзгартиришга мажбур бўлган. Британия ҳарбий учоқлари рус бомбардимончиларини Британия манфаатидан ташқари бўлган ҳудудга чиқариб юбориш учун ҳавога кўтарилган.

Британия Ташқи ишлар вазирлиги Россия ҳарбий учоқлари кейинги пайтларда ўзларига белгилаб берилган ҳудуд чегараларини тез-тез бузиб ўтаётганидан ташвиш билдирди. НАТО ҳам Украинадаги вазият кескинлашаётган бир паллада Россия учоқларининг ўзларига белгиланган ҳудуд чегарасини бузиб ўтаётгани ҳолати кўпайганини маълум қилди.

СССРнинг собиқ президенти Михаил Горбачев 29 январь куни матбуотга Украина юзасидан Ғарб ва Россия ўртасидаги қарама-қаршилик урушга айланиб кетиши мумкинлигидан ташвишланаётгани ҳақида гапирган эди.