Сурияда ўнлаб қирғизистонлик ўлдирилди, демоқда Бишкек

Қирғизистон ҳукумати ўз фуқароларидан 22 нафари Суриядаги жангларда ҳалок бўлганини маълум қилди. Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг тергов бошқармаси бошлиғи Рафиқ Мамбеталиев 2 февраль куни қилган чиқишида бугунги кунда Сурияда 200дан ошиқ қирғизистонлик жанг қилаётгани, уларнинг 30га яқин аёллар эканини билдирди.

Унинг яна айтишича, Қирғизистон ҳудудида Суриядаги исломчи жангарилар сафига одам ёллашга доир 83 ҳолат фош этилган.

Айни пайтда қўшни Тожикистонда мамлакат бош прокурори этиб тайинланган Юсуф Раҳмонов 2 февраль куни Душанбеда ўтказилган матбуот анжуманида Сурия ва Ироқда жанг қилаётган 85 нафар тожикистонлик устидан 41та жиноят иши қўзғатилганини билдирди.

Раҳмоновнинг билдиришича, яқин вақт ичида одамларни ёллашга қарши курашиш учун махсус идора тузилиши кўзда тутилмоқда.

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи яқинда эълон қилган ҳисоботга кўра, сўнгги уч йил ичида исломий жангариларга қўшилиш учун Сурияга икки мингдан тўрт минггача марказий-осиёлик кетиб қолган.