"Исломий давлат" гуруҳи гаровдаги иорданияликни тириклай ёқиб юборди

Муоз ал-Касаэсбеҳ.

“Исломий давлат” гуруҳи 3 февраль куни Иордания учувчиси Муоз ал-Касаэсбеҳ темир қафас ичида тириклай ёқиб юборилгани тўғрисидаги видеони тарқатди.

Иордания қўмондонлиги учувчининг “Исломий давлат” гуруҳи томонидан ёқиб юборилганини тасдиқлади. Иордания мудофаа вазирлиги матбуот котиби Мамдух ал Амирий: “бутун иорданияликларни ларзага солган бу фалокатли воқеа учун қаттиқ ўч олиниши”ни айтди.

Иордания қироли Абдулла бу воқеадан сўнг АҚШга қилаётган сафарини қисқартириб ватанига қайтди. АҚШ презденти Барак Обама агар “Исломий давлати” гуруҳи тарқатган видео ҳақиқат бўлса, у ҳолда бу тасвир “Исломий давлат” гуруҳи азоларининг “ёввойи”лигидан дарак беришини билдирди.

Иордания расмийлари“Исломий давлат” гуруҳи билан Муоз ал Касаэсбеҳни озод қилиш бўйича музокаралар олиб бораётган эди.

“Исломий давлат” гуруҳи учувчи Касаэсбеҳни қўйиб юбориш эвазига 2005 йили Иорданиядаги меҳмонхонада содир этилган портлашларда айбланмиш ва ўлим жазосига ҳукм этилмиш Сожида ал Ришавийни 29 январгача озод қилишни талаб қилган. Бунга жавобан Иордания расмийлари ўз учувчиси тирик эканига амин бўлмагунларича бу талабни бажара олмасликларини билдирган эди.

Иорданиялик Муоз ал Касаэсбеҳ бошқарган учоқ ўтган йилнинг декабрида Суриянинг жангарилар назорат қилаётган ҳудудига қулаган ва учувчи асирга олинган эди.

Иордания “Исломий давлат” гуруҳига қарши курашаётган араб давлатларидан биридир.