Покистонда экстремизмда гумонланмиш минглаб одам устидан маҳкамалар бошланади

Покистонда ҳарбий судлар яқин кунларда экстремистик фаолиятга алоқадорликда гумонланган 10 мингдан зиёд одам ишини кўриб чиқа бошлайди.

Покистон Мудофаа вазирлиги мулозими бу борадаги дастлабки йигирмата иш кейинги ҳафтада бошланажагини билдирди.

Покистон ҳукумати Пешовардаги ҳарбий мактабга қилинган ҳужумдан кейин террорчиликка оид ишларни кўриб чиқиш учун ҳарбий судлар таъсис этган. Ўтган йилнинг 16 декабрида амалга оширилмиш мазкур ҳужумда аксарияти ёш болалардан иборат 150 чоғли одам қурбон бўлганди.

Покистон оммавий ахборот воситалари 2014 йилнинг 24 декабрь куни бу ҳодиса бўйича “Давлат ҳаракат дастури” қабул қилинганидан буён умумий ҳисобда террор ҳаракатларига алоқадорликда гумонланган 10 минг 600 нафардан зиёд киши қўлга олинганини хабар қилганлар.

Улар орасида Афғонистон ва Эрон чегаралари яқинида ҳаракатланаётган экстремистик гуруҳларни молиялаштирганликда гумонланганлар ҳам борлиги айтилмоқда.