Озарбайжонда мустақил журналистга янги айбловлар билдирилди

Хадижа Исмоилова.

Озарбайжонда Озодлик радиоси озарбайжон хизматининг журналистик суриштирув билан шуғулланиб келган жамоатчи мухбири Хадижа Исмоиловага нисбатан янги айблов эълон қилинди.

Журналистнинг адовкати Фариз Намазали ўз ҳимоясидаги одам хизмат ваколатидан ошганликда, ноқонуний тадбиркорликда, солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айбланаётганини айтди. Исмоилова мазкур айбловлар билан 12 йилга қамалиши мумкин.Журналист ўзига билдирилган айблов соҳта эканини айтиб келмоқда.

Хадижа Исмоилова ўтган йилнинг 5 декабрида радионинг бир ходимини ўзини ўлдириш ҳолатига олиб келганликда айбланиб қўлга олинган эди.

Amnesty İnternational Исмоиловани “виждон тутқуни” деб эълон қилган.

2014 йилнинг декабрида Озодлик радиосининг Боку бюросида ҳуқуқ-тартибот тузилмалари тинтув ўтказиб, бинони муҳрлаб қўйган эди. Радионинг ўнлаб ходимлари ўз фаолиятлари билан боғлиқ равишда терговга чақирилган.