Копенгаген полицияси 2 та ҳужумда гумон қилинган шахс отиб ўлдирди

Копенгаген полицияси шаҳардаги иккита ҳужумни содир этишда гумон қилинган шахс отиб ўлдирилганини маълум қилди.

15 февраль куни берилган расмий хабарда айтилишича, поезд вокзали ёнида полициячилар назарига тушган қуролланган шахс биринчи бўлиб ўқ узган ва сўнгра полиция томонидан ўлдирилган.

Шанба куни Копенгагенда Ислом оламидаги муаммолар ва сўз эркинлиги ҳақида семинар бораётган бино ўққа тутилган, унда бир одам ўлган, уч полициячи жароҳат олган эди.

Тадбирда Муҳаммад алайҳиссалом карикатураларини чизган швед рассоми Ларс Вилкс ва Франция элчиси Франсуа Зимерейлар иштирок этаётган эди. Уларга бирор шикаст етмади.

Семинар биноси ўққа тутилганидан бироз ўтиб эса шаҳар синагогаси ҳам ўққа тутилди. У ерда бир эркак ўлди, икки полициячи жароҳатланди.

Ҳар икки ҳолатда ўт очган шахс ёки шахслар яширинишга муваффақ бўлган. 15 февраль куни отиб ўлдирилган шахс шанба кунги жиноятларни содир этганликда гумон қилинмоқда.

Дания Бош вазири Хелле Торнинг-Шмитт “Дания террор ҳужумига учради”, деб баёнот берди.