Ф. Могерини: Cепаратчилар ўт очишни тўхтатиш режимини ошкора бузмоқда

Европа Иттифоқининг халқаро масалалар бўйича олий вакили Федерика Могерини

Европа Иттифоқининг халқаро масалалар бўйича олий вакили Федерика Могерини Россия қўллаётган сепаратчиларнинг Дебальцево шаҳрига ҳужуми ўт очишни тўхтатиш режимининг “ошкора бузилиши”, деб атади.

“Сепаратчилар ҳарбий ҳаракатларини тўхтатиши лозим”, деб баёнот берди Могерини чоршанба куни. Бу баёнотдан бироз олдин президент Порошенко Украина ҳарбийлари ўз кучларини Дебальцеводан режали асосда олиб чиқиш амалиётини якунлаётгани, жанг майдонини Украина ҳарбийлари шахсий таркибининг 80 фоизи тарк этгани тўғрисида баёнот берган эди.

Европа Иттифоқининг халқаро масалалар бўйича олий вакилининг таъкидлаб айтишича, “шаҳарни тарк этишни истаган ҳар бир киши хавфсиз йўл билан таъминланиши керак”.

Украина шарқидаги, жумладан Дебальцеводаги ҳарбий ҳаракатлар зудлик билан тўхтатилиши лозим, дейилади ЕХҲТнинг Махсус мониторинг гуруҳи раҳбари Эртўғрул Апақаннинг тилга олинган халқаро ташкилот расмий сайтида эълон қилинган баёнотида.

Халқаро кузатувчилар Дебальцево шаҳрига ҳеч қандай тўсқинликсиз бориш имкони яратилишини талаб қилмоқда, бироқ томонлар уларнинг хавфсизлигини зиммасига олмаяпти.

Минскда эришилган келишув асосида томонлар 15 февралдан бошлаб, икки ҳафта ичида фронт чизиғидаги оғир қуролларни ортга қайтариши керак. Аммо, томонлар бир-бирини тўхтовсиз ҳужум уюштиришда айблаб, битимга тўлиқ амал қилмаётир