Греция қарз муҳлатини узайтиришни илтимос қилди

Греция евроҳудудга аъзо давлатлардан мамлкатга тақдим қилинган қарз муддатини узайтиришни сўради. Греция ва евроҳудуд ўртасида халқаро қутқарув пакети борасида келишмовчилик чиққан.

Евроҳудуд молия вазирлари Греция илтимосини 20 февраль кунги йиғинда кўриб чиқади. Греция ва евроҳудудга кирувчи бошқа мамлакатлар 240 миллиард евро (274 миллиард АҚШ доллари)га тенг қарз муҳлатини узайтиришга доир схема бўйича бир неча ҳафтадан бери келиша олмаяпти.

Расмий Афина харажатларни қисқартиришни кўзда тутувчи халқаро молиявий кўмакнинг ўрнига олти ойлик ёрдам пакети тақдим қилинишини истамоқда.

Агар бу борада келишувга эришилмаса, Греция яна дефолт таҳдиди остида қолиши мумкин. Жорий қарзнинг муҳлати февраль ойи охирида тугайди. 16 февраль куни Греция қутқарув пакети муҳлатини узайтириш режасини “тутруқсиз”, дея рад қилган эди.