Тожикистонда такси ҳайдовчисини калтаклаган Россия армияси зобити қўлга олинди

Тожикистонда маҳаллий такси ҳайдовчисига ҳужум қилиб, унинг машинасини олиб қочган Россия армияси зобити қўлга олинди.

Озодлик радиоси тожик хизмати Душанбе милициясидан 19 февраль куниолган маълумотга кўра, Тожикистон пойтахти яқинидаги Россия ҳарбий базасида хизмат қилувчи катта лейтенант Денис Борисенко маҳаллий такси ҳайдовчиси Дилшод Хешевни 24 январь куни қаттиқ калтаклаганликда айбланмоқда.

Терговчиларга кўра, Борисенко ўша куни қаттиқ маст бўлган, ҳайдовчига ҳужум қилиб, унинг машинасини олиб қочган. Олиб қочган машинасини Борисенко бошқа машина урганидан сўнг воқеа жойида қўлга олинган.

Борисенко билан боғлиқ воқеа маҳаллийлар билан Россия ҳарбийлари ўртасидаги муносабатларнинг янада совушига сабаб бўлган.

Россия зобитларидан бошқа икки нафари ўтган йилнинг августида тожикистонлик такси ҳайдовчисини ўлдирганликда гумон қилиниб ҳибсда сақланмоқда, улар устидан суд кутилмоқда.

Тожикистон ҳудудида Россиянинг ҳаммаси бўлиб 7000 ҳарбийси жойлаштирилган.