Женевада Теҳрон ядровий дастури бўйича америкалик ва эронлик дипломатлар музокара ўтказади

АҚШ Давлат котиби Жон Керри.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри 22 февралдан бошлаб Теҳрон ядровий дастури бўйича эронлик юқори лавозимли мулозимлар билан Женевада икки кунлик музокара ўтказади.

Музокаралар арафасида Керри Теҳрон ядровий дастури бўйича сезиларли номувофиқликлар қолганини айтиб, агар Эрон ўз ядровий дастури тинчлик мақсадларига қаратилганини исботлаш учун етарли далиллар кўрсатолмаса, АҚШ маъмурияти бунга ҳозир бўлиши лозимлигини урғулади.

АҚШ ва Эрон расмийлари асосий битимга эришилиши кутилаётган 31 мартгача ўртадаги келишмовчиликларни бартараф қилишга уринаяптилар. Женевадаги музокараларда Эрон делегациясига ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф бошчилик қилиши кутилмоқда.

Бугун бошланажак музокараларда АҚШ Энергетика вазири Эрнест Монис ҳам қатнашиши айтилган. Жон Керри буни ядровий дастур бўйича музокараларда соҳани яқиндан билган мутахассислар ҳам қатнашиши мақсадга мувофиқ бўлиши билан изоҳлаган.