Донбассда Киев кучлари ва россияпараст айирмачилар ўзаро маҳбус алмашди

21 февраль куни Украина расмийлари ва россияпараст исёнчилар мамлакат шарқида ўзаро маҳбус алмашдилар. Луганск шаҳридан 20 километр ғарбда амалга оширилган бу жараёнда Киев кучларига 139 нафар украиналик ҳарбий, айирмачиларга эса 52 нафар исёнчи топширилди.

Донбассда маҳбус алмашиш Франция, Германия, Россия ва Украина лидерларининг 12 февраль кунгибитимининг асосий бандларидан бири эди.

Бу орада АҚШ Давлат котиби Жон Керри Қўшма Штатлар ва унинг европалик иттифоқчилари Москвага қарши кескин санкциялар жорий қилиш ҳақида музокара олиб бораётганини билдирди. Керри АҚШ президенти шарқий Украинадаги зиддиятни бартараф қилиш учун қўйилаётган қадамларга “яқин кунлар ичида” баҳо беражагини маълум қилди. Керрига кўра, оташкесим ҳақидаги битимга қарамай, айирмачиларнинг Дебальцево шаҳрига юзсизларча ҳужум қилиши ва уни эгаллаб олишида Россиянинг ҳам дастаги бор.

Айни пайтда Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Россия оташкесим ҳақидаги битимни дастаклаш билан оворалигини билдирди.