Афғонистонда ўғирланган ҳиндистонлик насроний озод қилинди

Афғонистонда саккиз ой аввал ўғирлаб кетилган ҳиндистонлик иезуит руҳоний озод бўлди.

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди 22 февраль куниАлексис Прем Кумар озод қилиниб, ватанига қайтганини эълон қилди.

Кумар ўтган йилнинг июнь ойида Ҳирот вилоятидаги мактаблардан бирига борган пайтда номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилганди. Бунгача у Афғонистонда қарийб тўрт йил ишлаган.

Ҳиндистон бош вазири девонхонаси ўз хабарномасида ҳиндистонлик бу католик руҳонийси учун товон пули тўланган-тўланмагани ҳақидаги тафсилотларга тўхталмаган, бироқ Кумарнинг соғлиғи жойида экани ва яқин орада оила аъзолари билан дийдор кўришажагини маълум қилган.